Энди масофавий электрон тўловлар учун ҳам кешбэк тўланади

Тўлов хизматлари электрон тижорат платформалари орқали амалга оширилганда QR-кодли чек ҳосил бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 май — Sputnik. Давлат солиқ қўмитаси (ДСҚ) энди масофавий электрон тўловлар учун ҳам харидлардан 1 фоиз миқдорида кешбэк тўланишини хабар қилди.

“Электрон тижорат платформалари – “marketpleys” ларнинг ахборот тизимлари ёрдамида масофадан туриб амалга оширилган харидлар учун ҳам кешбэк тўланади”, - дейилган хабарда.

Бу Солиқ органлари ахборот тизимларининг электрон тўловлар – Paynet, Oson, Click, Payme, Apelsin, ATTO ва бошқаларнинг интеграцияси эвазига амалга оширилади.
Бу тўлов тизимлари орқали тўловларни амалга оширишда QR-кодли чек ҳосил бўлади. Агар истеъмолчи кешбэк тизимида рўйхатдан ўтган бўлса, харид суммасининг 1 фоизи “Soliq” мобил иловасининг шахсий кабинетида автоматик тарзда акс эттирилади.
Шунингдек, кешбек олиш учун электрон чекдаги QR-кодни сканерлаш имкони ҳам мавжуд.
ДСҚ автомобиллар, ҳаво ва темир йўл чипталарини харид қилиш, коммунал ва алоқа хизматлари учун кешбэк тўланмаслигини эслатган.
Аввалроқ Ўзбекистонда истеъмолчиларга йил бошидан буён қайтарилган кешбэк миқдори 72,3 млрд сўмга етгани хабар қилинган эди.
2022 йил 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харид қилиб, харид чекини мобил иловада рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи қайтарилади.
Бунинг учун истеъмолчилар харид чекининг QR-кодини "Солиқ" мобил иловасида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказишлари лозим.

“Soliq” мобил иловасини қандай юклаб олиш мумкин

Харид чекини рўйхатдан ўтказиш учун телефонда “Soliq” мобил иловаси ўрнатилган бўлиши шарт. Иловани “Play Market” (Android) ёки “App Store” (iOS) орқали юклаб олиш мумкин. Илованинг “Умумий хизматлар” бўлимида "Кешбэк" тугмасини босиб, штрих кодли (QR-kod) харид чекини телефон камераси орқали рўйхатдан ўтказиш керак. "Кешбэк" бўлимида штрих код расми кўрсатилган тугмани босиш керак. Шундан сўнг камера харид чеки штрих кодига йўналтирилса, у автоматик тарзда штрих кодни ўқийди.
Илованинг "Менинг чекларим" бўлимида сканер қилинган чеклар рўйхати шаклланади. Харид чекларидан тушган кешбэк йиғилиб боради ва "Умумий кешбэк суммаси" бўлимида кўринади. Ой бошида ўтган ойда йиғилган кешбэк маблағлари тўлиқ кўринади.
"Тушумлар тарихи" бўлимида харид чекини сканер қилиш орқали йиғилган кешбэклар тарихини кўриш мумкин. Йиғилган маблағларни "Картага пул ўтказиш" бўлимида банк картасига ўтказиб олиш имконияти бор.
Баъзи чеклар иловадан рўйхатдан ўтмайди. Чунки, айрим тадбиркорлар тақдим этадиган харид чеклари Солиқ қўмитаси томонидан белгиланган талабларга мос келмайди. Масалан, баъзи ҳолларда харид чекида "Фискал белги" ва штрих код бўлишига қарамай, уни рўйхатдан ўтказиш пайтида илова "Чекдаги маҳсулот коди (MXIK) хато" деб кўрсатади. Маҳсулот кодида хатолик аниқланган тадбиркорлик субъекти ҳақидаги тўлиқ маълумотларни солиқ органларига етказиш керак бўлади.