Тошкентда ШҲТнинг Халқ дипломатияси форуми бўлиб ўтади

Тошкентда “Халқ дипломатияси – тараққиёт йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик” шиори остида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Халқ дипломатияси форуми бўлиб ўтади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. 2022 йил 11-12 май кунлари Тошкентда “Халқ дипломатияси – тараққиёт йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик” шиори остида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Халқ дипломатияси форуми бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги ташаббусида ўтказилади. Форумда ШҲТга аъзо давлатлар парламентлари, халқаро тузилмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, илмий-таҳлил марказлари вакилларидан иборат 120 дан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.
Форум аввалида иштирокчиларга табрик нутқлари билан Ўзбекистон Республикаси Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси ўринбосари, ШҲТнинг яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик бўйича Хитой қўмитаси раиси Шен Юеюе ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бошқарувчи Владимир Норов сўзга чиқади.
Икки йўналишда бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда – “Халқаро ҳамкорликда халқ дипломатиясининг ўрни” ва “Халқ дипломатияси – замонавий давлатлараро мулоқотнинг муҳим элементи: ШҲТга аъзо давлатларнинг тажрибаси” мавзуларида иштирокчилар “ШҲТ оиласи” мамлакатлари ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида халқ дипломатияси воситаларидан самарали фойдаланиш йўлларини муҳокама қиладилар.
Форум якунлари бўйича ШҲТ халқ дипломатиясининг Тошкент коммюникесини қабул қилиш режалаштирилган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти - минтақавий халқаро ташкилот бўлиб, унинг таркибига Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради.
2001 йилда олти мамлакат раҳбарларии Шанхай хамкорлик ташкилотини тузиш ҳақида Декларация имзолашди. Ташкилотнинг мақсади - Марказий Осиёдаги вазиятни барқарорлаштириш, давлатлар ўртасидаги дўстлик ва қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек сиёсий, иқтисодий, илмий, гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, деб белгиланди.