ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Қашқадарё вилоятидаги Ҳисор давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонга яна ноёб қор қоплони “илинди”. Бу ҳақда қўриқхона маъмурияти хабар берди.
Қор қоплони – Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ва Ўзбекистон қизил китобига киритилган дунё миқёсидаги ноёб тур ҳисобланади.
Шунингдек, у СITES - йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги Конвенция рўйхатига киритилган. Қор қоплонини овлаш қатъиян тақиқланган.
Қор қоплони Ўзбекистондан ташқари Хитой, Непал, Қирғизистон, Монголия, Тожикистон, Покистон, Россия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Бутан каби давлатлар ҳудудида учрайди.
Мушуксимонлар оиласига мансуб бу ноёб жониворни мамлакатда муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Жумладан, Ҳисор давлат қўриқхонасида қор қоплонининг эркин яшаш тарзи ва кўпайиши учун доимий муҳофаза чоралари амалга ошириб келинади.