Ўзбекистонлик олимлар янги биостимулятор яратишди

Биостимулятор ўсимлик физиологиясини ўзгартиради. У қўлланилган ўсимликнинг илдиз тизимида ўсиш тезлашади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. Хоразм Маъмун академияси олимлари янги биостимулятор яратишди. Бу ҳақда академия матбуот хабар берди.
“Унинг таркиби пара-нитробензой кислота, мис(II)хлорид тузи ва триетаноламиндан иборат. Структураси рентгенструктуравий анализ ёрдамида текширилганда миснинг биядроли комплекс бирикмаси ҳосил бўлганлиги маълум бўлди”, - дейилади хабарда.
Янги биостимуляторга БКМ деб ном қўйилган.
Биостимулятор буғдой ва маккажўхорида синаб кўрилганда, униб чиқиш 3-4 кунга, барча фазаларда назоратга нисбатан ривожланиши тезлашган. Бу ҳосилдорликни 8-10 центнерга ошириш имконини берган.
Биостимулятор ўсимлик физиологиясини ўзгартиради. У намлик етишмовчилиги, қурғоқчилик, тупроқ шўрланиши каби абиотик стрессларга чидамли бўлади.
Биостимуляторлар қўлланилган ўсимликнинг илдиз тизимида ўсиш тезлашади. Иммунитети яхшиланган илдизлар ноқулай экологик шароитларга бардош беради ва касалликларга қарши кураша олади.