ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Бугун Андижон — Хива йўналишида ҳаракатланиши керак бўлган поезд ҳаракати Фарғона водийси билан темир йўл алоқаси узилиб қолганлиги сабабли вақтинчалик тўхтатилди.Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хабар берди.
“Поездлар ҳаракати жадвалига кўра Андижон — Хива йўналишидаги 654-сонли поезд соат 08:28да ҳаракатланиши керак эди. Ушбу рейс Тошкентдан ташкиллаштирилди. Яъни, Тошкентдан Хивага ва ушбу йўналиш бўйлаб йўл олган йўловчилар учун поезд белгиланган вақтда жадвалга мувофиқ ҳаракатланади”, дейилади хабарда.
Поезд “Тошкент-Жанубий” темир йўл вокзалидан соат 15:30 да жўнайди.
Эслатиб ўтамиз, кеча Фарғона водийсида кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити туфайли “Тошкент-Андижон” поездлари қатнови бир кунга тўхтатилганди.