ТОШКЕНТ, 5 май - Sputnik. Машҳур рус саксофончиси Игорь Бутман Москва жазз оркестри билан Ўзбекистонга келди. Мусиқачи пойтахт -Тошкентда маҳаллий саксафончилар учун маҳорат дарси ўтказди. Бу ҳақда Sputnik O`zbekiston мухбири хабар берди.
“Келганимдан жуда хурсандман, барчангизни кўрганимдан, маҳорат дарси ўтказаётганимдан, жазз ва саксафонга иштиёқи баланд қанчадан-қанча ажойиб ёш мусиқачиларни кўрганимдан хурсандман”, – деди Игорь Бутман.
Мусиқачилар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган олтинчи халқаро Ўзбекистон жазз фестивалида иштирок этмоқда.
Фестивал иштирокчилари анъанавий равишда турли мамлакатларнинг кўплаб жаз юлдузларидан иборат бўлиб, улар нафақат ўз маҳоратларини намойиш этиш, балки алоқаларини кенгайтириш ва халқаро жаз жамиятига аъзо бўлиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришган. Улар орасида Игорь Бутман ва рус жаз оркестридан ташқари Тим Бёрнер (Германия), Вендетта Жинетти (АҚШ), Трио Грегори каби машҳур санъаткорлар ҳам бор.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон халқаро жаз байрамида 2015 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. Бу галги фестивал доирасида Ўзбекистон давлат консерваториясида ўзбекистонлик ва хорижлик жаз ижрочиларининг 20 га яқин концерти бўлиб ўтади ва улар асосий маконга айлангани ҳолда жазнинг 85 йиллигини нишонлайди. Шунингдек, Хива шаҳрининг Ичон қалъасида очиқ ҳавода, Урганч шаҳридаги Огаҳий номидаги мусиқали драма театрида, Бухоро шаҳридаги мусиқали драма театри ва Илхом театрида концертлар намойиш этилмоқда.
Бундан ташқари, Успенский номидаги мусиқа коллежи, Тошкент цирк коллежи, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Тошкентдаги “Бонум Фактум” галереяси ва “Мақом” барида, шунингдек, Бухородаги мусиқа коллежида маҳорат дарслари ва мусиқа машғулотлари ташкил этиляпти.
Игорь Бутман Sputnik O`zbekiston мухбирига Фарғонадаги ёшлар концертлари ва ўзбекистонлик ёш жаззменларнинг салоҳияти ҳақида гапириб берди.