ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. 1 сентябрдан бошлаб хавф даражаси паст бўлган божхона юк декларацияларини расмийлаштириш инсон омилисиз автоматик равишда амалга оширилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Ҳусан Тангриев маълум қилди.
“Божхона ходими декларацияларини расмийлаштириш жараёни учун ўртача 30 дақиқа сарфлайди. Дастур эса бор-йўғи 3 дақиқа ичида ушбу функцияларни бажаради. Шу сабабли декларацияларни автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш ҳажми босқичма-босқич ошириб борилади”, - дейилади хабарда.
Ушбу амалиёт шу йилнинг ўзида импорт расмийлаштирувига ҳам тадбиқ этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, 1 июлга қадар Тошкент халқаро аэропортида, 1 октябрга қадар Термиз халқаро аэропортида “Масофавий божхона назорати” тизими жорий этилади. Ушбу тизимдан 2023 йил якунига қадар республиканинг қолган барча халқаро аэропортларида қўлланилади.
Божхона хизматлари тўлиқ рақамлаштирилади. Унга кўра:
1 декабрдан бошлаб, божхона кўриги жараёнлари қамраб олинган мобил электрон тизим ишга туширилади;
“Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали кўрсатиладиган хизматлар сони 40 тага етказилади;
Транспорт вазирлиги, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Давлат божхона қўмитаси бир ой муддатда темир йўл орқали келадиган товарлар бўйича маълумотларни олдиндан электрон алмашиш тизими йўлга қўйилади;
1 декабрга қадар божхона органларида коррупцион хавфларни бошқариш автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилади;
2023 йил 1 январдан бошлаб божхона органлари ходимларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш амалиёти босқичма босқич жорий этилади.
Қолаверса, 2022 - 2024 йилларда божхона органлари тизимида аёл ходимлар улуши камида икки баробарга оширилади.
Шу билан бирга, “Ғишткўприк”, “Навоий” ва “Доут ота” каби серқатнов божхона постлари бутунлай янгидан қурилади. 8 та божхона объектларида капитал қурилиш ишлари амалга оширилади ҳамда чегара божхона постларига олиб борувчи 288 км йўллар капитал таъмирланади.
Божхона органлари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар 46 та божхона объектини қамраб олмоқда.