Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни Ўзбекистонга таклиф қилди

Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари телефон орқали мулоқот қилишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Етакчилар муқаддас Рамазон ҳайити билан бир-бирини самимий қутлаб, мамлакатларнинг биродар халқларига тинчлик-осойишталик, бахт-саодат, фаровонлик ва равнақ тиладилар.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Олий даражадаги музокаралар якунида қабул қилинган битимлар ва эришилган келишувларнинг амалга оширилиши батафсил муҳокама қилинди.
Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳалари ва бошқа йўналишларда устувор кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Мирзиёев ва Раҳмон ҳудудлар ўртасидаги фаол мулоқотларни ва маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш зарурлигини таъкидлашди.
Ўзаро лойиҳалар ва кўп қиррали ҳамкорлик дастурларини жадаллаштириш учун икки мамлакат ҳукуматлари даражасида мунтазам учрашувлар ўтказиш ва мувофиқлашувни кучайтириш муҳим экани қайд этилди.
Тожикистон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни ўзи учун қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишни таклиф этган.
“Ташрифнинг аниқ муддатлари дипломатик алоқалар орқали келишилади”, - дейилган хабарда.
Бундан ташқари, етакчилар минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашишган ва бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини кўриб чиқишган.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёев 2021 йил 10-11 июнь кунлари расмий ташриф билан Тожикистонда бўлган эди. Ташриф давомида энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланган эди.