ТОШКЕНТ, 4 май - Sputnik. Ҳайит кунларида Тошкент шаҳрида яна бир мажмуа – янги йўл ва кўприклар очилди, президент Шавкат Мирзиёев ушбу транспорт иншоотини бориб кўрди.
Янги йўл Сергели туманидаги Қипчоқ кўчасини Яккасарой туманидаги Чўпонота ва Усмон Носир кўчалари билан самарали боғлади. Янги йўл Унинг қурилиши 2020 йил августда бошланган эди. Лойиҳа доирасида 6,5 километр узунликдаги 6 тасмали автомобиль йўли, 6 та кўприк қурилди.
Янги қурилган йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга. Бу тирбандлик муаммосини бартараф этиб, пойтахт аҳолисига жуда катта қулайлик яратади.
Кўприклар, уларга чиқиш-тушиш қисмлари оқилона лойиҳалаштирилиб, мавжуд йўлларга светофорсиз уланган. Натижада автотранспортлар бошқа йўллардаги қатновга тўхтовсиз, қулай тарзда қўшилиб кетиши мумкин.
Шу пайтгача Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланар эди. Соатига 4 мингта автотранспорт қатновига мўлжалланган бу йўлда аслида юклама бундан катта, шу боис эрталаб ва кечки пайтларда жуда тирбанд бўларди.
Шавкат Мирзиёев йўлларнинг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
– Ҳамма жойда йўл қуриб ёки кенгайтириб бўлмайди. Кўп нарса қатновни тўғри ташкил этишга ҳам боғлиқ. Энди йўлларнинг, чорраҳаларнинг ўтказувчанлигини ошириш, рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз шу ерда тошкентлик нуронийлар, жамоатчилик фаоллари билан суҳбатлашди.
– Миллий қадриятимизга кўра, йўл ва кўприк қуриш – савоб. Одамларнинг узоғини яқин қиладиган бу йўл ҳозирги улуғ айём кунларида очилаётгани ҳам қувонарли. Илгари "Сергелида 10 та уй қурса бўладими" деганда ҳеч ким ишонмасди. Охирги беш йилда Сергели ва Янгиҳаёт туманларида 800 га яқин кўп қаватли уйлар қурилди, қарийб 100 минг аҳоли бошпанали бўлди. Мана энди йўллари ҳам ривожланяпти. Ҳозир мутахассислар билан кейинги лойиҳалар бўйича ҳам маслаҳатлашиб олдик. Уларни вақти билан, меҳнатимиз билан, тинчлик-осойишталикда амалга ошира оламиз, - деди давлат раҳбари.
Президент ознакомился с развязкой, соединяющей Сергелийский и Яккасарайский районы