Ҳокимликлар кўп квартирали уйларни бошқаришга аралаша олмайди – Адлия вазирлиги

Кщп хонадонли уйларни бошқариш услуби - барча мулкдорлар иштирок этган умумий йиғилишнинг қарори асосида белгиланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 май - Sputnik. Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аралашиши йўл қўйилмайди. Бу ҳақида Адлия вазирлиги 2020 йилнинг 1 августида кучга кирган қонунга асосан хабар қилмоқда.
️Кўп квартирали уйни бошқариш, бошқарув усулини белгилаш уй-жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши томонидан ҳал этилади. ️Умумий йиғилиш қуйидаги ваколатларга эга:
банклардан кредит олиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;
кўп квартирали уйларнинг бошқариш органлари фаолиятини назорат қилиш;
кўп квартирали уйлар бошқариш органларининг ҳисобот бериш тартибини белгилаш.
Бошқариш усулини танлаш тўғрисида мулкдорлар ўртасида келишувга эришилмаганда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ҳудудий бўлинмаси 3 ойда бошқариш органи вазифаларини амалга оширувчи бошқарув ташкилотини белгилайди.
Бошқариш усули умумий йиғилишнинг қарори асосида исталган вақтда ўзгартирилиши мумкин. Умумий йиғилишнинг бошқарув усулини танлаш тўғрисидаги қарори мазкур кўп квартирали уйдаги барча мулкдорлар учун мажбурий.
Кўп квартирали уйни ширкатлар бошқариши мумкинми?
️Ҳа, мумкин. Ширкат уй-жойлар мулкдорларининг ташаббусига кўра ташкил этилади ва ўз уставига мувофиқ ўзини ўзи бошқариш асосида фаолият кўрсатади.
Ширкатни ташкил этиш тўғрисидаги қарор ҳар бир кўп квартирали уйдаги барча жойлар мулкдорларининг ёки улар вакилларининг 50%дан кўпи ҳозир бўлган жойлар мулкдорларининг таъсис йиғилишида қабул қилинади.
Кўп квартирали уйларни бошқаришга ҳокимликлар ғайриқонуний аралашганда уй-жой мулкдорларининг қандай ҳуқуқлари мавжуд ёки улар қаерга мурожаат қилишлари мумкин?
️Бундай ҳолатда маъмурий судларга мурожаат қилиш мумкин. Манфаатдор шахслар маъмурий органнинг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан маъмурий судга мурожаат қилишга ҳақли.
️Манфаатдор шахс ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан 3 ой ичида судга мурожаат қилиши мумкин.