ТОШКЕНТ, 2 май - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг Рамазон ҳайити муносабати билан эълон қилинган табрик сўзида ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш ўта муҳим аҳамиятга эга эканини айтиб ўтди.
"Ҳеч қачон унутмайлик, дунёдаги ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган энг катта бойлик бу – билим ва тарбиядир.
Бу борада бой миллий анъаналаримиз асосида шаклланган ўзбекона тарбия билан бирга бизга яқин дўст ва хайрихоҳ бўлган давлатлардаги илғор ҳамда замонавий таълим тажрибаларидан оқилона фойдалансак, кўзлаган улуғ мақсадларимизга албатта етамиз", - деди президент табрик сўзида.
Шавкат Мирзиёев, ўз табрик сўзида ҳам ўзбекистонлик ҳам дунёнинг бошқа давлатларидаги мусуулмонларни қайд этиб ўтди.
"Фурсатдан фойдаланиб, дунёнинг узоқ ва яқин мамлакатларидаги барча мусулмонларни Рамазон ҳайити билан самимий табриклаб, уларга тинчлик, бардавом тараққиёт ва равнақ тилаймиз, - деди Шавкат Мирзиёев
<...> Муҳтарам юртдошларим! Сизларни, бутун халқимизни мамлакатимизда кенг нишонланаётган муборак Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин юракдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, оилаларингизга хотиржамлик, файзу барака тилайман. Байрам шукуҳидан қалбларимиз янада нурафшон бўлсин!", - деди президент.
Шавкат Мирзиёе ўз сўзида бу йилги Рамазон байрами “Инсон қадри ва манфаатлари учун” ғояси остида ўтаётганини ва республикада "Янги Ўзбекистон" тараққиёт стратегияси асосида кенг кўламли ижтимий, иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётганини ҳамда маданий ва диний қадриятлар тикланаётганини қайд этиб ўтди.
Хусусан, зиёратгоҳлар ободонлаштирилаётгани - батафсил айтиб ўтилди: Бухорода – етти улуғ пир, Сурхондарёда – Имом Термизий зиёратгоҳлари, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий, Тошкент вилоятида – Занги ота, Наманганда – Султон Увайс Қараний, Тошкент шаҳрида – Сузук ота ёдгорлик мажмуаси каби мўътабар масканлар ҳар томонлама обод қилинган.
Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан бу йилги Рамазон ҳайити байрами Ўзбекистонда бошқа дам олиш ва байрам кунларига уланиб кетган. Натижада 1-9 май оралиғида Ўзбекистонда узулуксиз 5 (ёки 6) кун дам олииш кунлари бўлади.