"Хавфлар ўсиши тўхтади": Россия Марказий банки асосий ставкани туширди

Россия Марказий банки кутилмаганда асосий ставкасини 17 фоиздан 14 фоизга туширди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр - Sputnik. Россия банки ўзининг асосий ставкасини йиллик 17 фоиздан 14 фоизга туширди, деб хабар қилмоқда регулятор матбуот хизмати.
"Россия иқтисодиёти учун ташқи шароитлар оғирлигича қолмоқда ва иқтисодий фаолликни сезиларли даражада чеклаб қўймоқда. Шу билан бирга, нарх ва молиявий барқарорлик учун хавфлар ўсишни тўхтатди, бу эса асосий ставканинг пасайиши учун шароит яратди", дейилади хабарда.
Шундай қилиб, Марказий банк томонидан қайд этилганидек, охирги ҳафталик маълумотлар рублнинг мустаҳкамланиши ва истеъмолчи фаоллигининг совиши туфайли инфляциянинг секинлашувидан далолат беради.
Импорт ўрнини босиш самарадорлиги, шунингдек, тайёр маҳсулотлар, хомашё ва бутловчи қисмлар импортининг тикланиш кўлами ва тезлиги каби кўрсаткичлар нархларнинг кейинги динамикаси учун муҳим кўрсаткичлар бўлди.
Регуляторнинг прогнозига кўра, 2022 йилда йиллик инфляция даражаси 18-23 фоиз оралиғида бўлади, 2023 йилда у 5-7 фоизгача пасаяди ва 2024 йилда 4% кўрсаткичига қайтади.
Маълумот учун, бироз олдин Ҳисоб палатаси раҳбари Алексей Кудрин 2022 йилда Россияда инфляция базавий прогнозга кўра 20,7 фоизни, келгуси йилда эса 6 фоиздан кўпроқни ташкил этишини айтган эди.
Россия Украинадаги ҳарбий амалиёти бошланганидан сўнг Ғарб Москвага нисбатан санкциялар босимини кучайтирди. Чеклов чоралари, биринчи навбатда, банк сектори ва юқори технологияли маҳсулотлар етказиб беришга қаратилган. Кўпгина давлатлар Россия активлари музлатилишини эълон қилди. Кремль бу чораларни мисли кўрилмаган иқтисодий уруш деб атади. Лекин воқеаларнинг бундай ривожланишига тайёр эканини таъкидлади.
Россия банки валюта бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш чораларини кўрди; дўстона бўлмаган мамлакатларга газ этказиб бериш учун тўловлар рублга айлантирилди. Бундан ташқари, ҳукумат бизнесни қўллаб-қувватлаш режасини тайёрлади, уни молиялаштириш миқдори тахминан бир триллион рублни ташкил қилиши кутилмоқда.