Токаев Қозоғистонда умумхалқ референдуми ўтказишни таклиф қилди

Токаев Қозоғистонда умумхалқ референдуми ўтказишни ва унда давлат бошқарувига оид айрим муҳим масалаларни кўтаришни таклиф қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 апр - Sputnik. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев Конституцияга мамлакат сиёсий тизимини модернизация қилиш ва демократлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш бўйича умумхалқ референдуми ўтказишни таклиф қилди.
"Ушбу ислоҳотлар таклиф этилганда биз Конституцияга киритилган ўзгартиришлар лойиҳаси парламент томонидан кўриб чиқилади деб ўйлагандик. Бу амалдаги қонунчиликда белгиланган тартиблардан биридир. Бироқ бўлажак кенг кўламли ва муҳим ўзгаришлар Республика ҳаёти ва келажагига катта таъсир кўрсатади. Шу боис, мен Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича республика референдумини ўтказишни таклиф қиламан”, — деди Токаев жума куни Қозоғистон Халқ Ассамблеяси (КҲК) сессиясида сўзлаган нутқида.
Маълумот учун, Токаев ўзининг олдинги чиқишларида Қозоғистон давлат бошқарувчида президент ролини камайтириб Парламент ролини кучайтириш кераклиги ҳақида айтиб ўтганди. Хусусан президентнинг айрим ваколатларини бекор қилиш, президентнинг бирор партияга аъзо бўлиши ҳуқуқини қайта кўриб чиқиш, президент яқин қариндошларининг юқори давлат лавозимларида ишлашига таъқиқи қўйиш, президентнинг парламент юқори палатасини сайлашдаги ваколатларини камайтириш ва бошқа ўзгаришлар ҳақида гапирган эди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда умумхалқ референдуми сўнгги бор 1995 йилда ўтказилган эди. Ундан сўнг референдумлар ҳақида янги қонун қабул қилинган бўлса-да, республикада бирор маротаба ҳам умумхалқ референдуми ўтказилмаган.