Хитойда H3N8 парранда гриппи одамга юқишининг биринчи ҳолати қайд этилди

Инфекция марказий Хэнань провинциясида яшовчи тўрт ёшли болада аниқланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Хитой Халқ Республикасининг Хэнань провинциясида одамларда H3N8 парранда гриппи билан касалланган биринчи ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда “РИА Новости” мамлакат Соғлиқни сақлаш давлат қўмитасига таяниб, маълум қилди.
Қайд этилишича, инфекция марказий Хэнань провинциясидаги Жумадян шаҳрида яшовчи тўрт ёшли болада аниқланган. Бола яшайдиган уйда товуқлар боқилган, бундан ташқари, унинг уйидан унчалик узоқ бўлмаган жойда ёввойи ўрдаклар ҳам яшайди.
Инфекция 5 апрель куни парранда билан алоқа қилиш натижасида содир бўлган. Боланинг аҳволи ёмонлашгани сабабли 10 апрель куни шифохонага ётқизилган. 24 апрель куни қилинган текширувдан сўнг болада H3N8 инфекцияси борлиги аниқланган. Таъкидланишича, боланинг барча қариндошлари соғлом.
Мутахассисларнинг фикрича, H3N8 гриппи штамми қушлар, итлар ва отларда учрайди. Ҳозирча вируснинг ушбу штаммининг одамларга юқиши ҳолатлари расман қайд этилмаган. H3N8 инфекцияси 1889-1890 йиллардаги грипп пандемиясининг сабаби бўлиши мумкин, бу 1 миллионга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган.
ХХР Давлат қўмитаси маълумотларига кўра, бу ҳолат қушдан одамга тасодифий турлараро юқишини англатади ва вируснинг кенг миқёсда тарқалиш хавфи паст.