Қозоғистонда Назарбоевнинг имтиёзлари тўғрисидаги қонун бекор қилиниши мумкин

Биринчи президент ва унинг энг яқин оила аъзолари жиноий жавобгарликка тортилмайди, деган норма чиқариб ташланиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 апр — Спутник. Қозоғистонда собиқ давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевга қатор имтиёз ва ваколатлар берувчи Қозоғистоннинг биринчи президенти – Элбоши (миллат етакчиси) тўғрисидаги қонунни бекор қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда парламент мажлиси (қуйи палатаси) спикери Ерлан Кошанов маълум қилди.
“Ўзгартиришлар (конституцияга - таҳр.) Элбоши мақомини истисно қилади. Назарбоевнинг давлат асосчиси сифатидаги роли конституцияда қолади. Ушбу норма қабул қилинганидан кейин биринчи президент тўғрисидаги конституциявий қонун ҳам ўз кучини йўқотади”, - дейди Кошанов парламент йиғилишида журналистларга.
Мажлис спикери конституцияга киритилган ўзгартиришлар энди Конституциявий кенгашда эканлигини тушунтирди.
“Конституцияда собиқ президентлар тўғрисида норма бор, бу қоида сақланиб қолган ва мамлакатнинг биринчи президентига нисбатан қўлланилади”, -дейди у.
Шунингдек, палата спикери референдум ўтказилиши ёки конституцияга ўзгартиришлар парламент томонидан қабул қилиниши борасида ҳозирча аниқ қарор йўқлигини таъкидлади.
Ерлан Кошановнинг аниқлик киритишича, Нурсултон Назарбоев собиқ президентлар тўғрисидаги қонун доирасида давлат томонидан қўллаб-қувватланади, пенсия олади, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилади.
“Биринчи президент ва унинг энг яқин оила аъзолари жиноий жавобгарликка тортилмайди, деган норма чиқариб ташланади”, - деди Кошанов.
Аввалроқ, Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг янги - мустақил Қозоғистон асосчиси мақоми берилиши ва бу Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилиши хабар қилинган эди.