Қизил китобга киритилган айиқ боласи қандай нобуд бўлгани текширилмоқда

Айиқ боласи терисини сақлаб келган фуқаронинг сўзларига кўра, у айиқ боласини ўлик ҳолда топган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида Қизил китобга киритилган қўнғир айиқ боласи ўлдирилгани айтилган хабарлар тарқалди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу хабар юзасидан ўтказилган суриштирув натижаларини маълум қилди.
Қўмита инспекторлари ва туман ИИБ ходимлари билан биргаликда олиб борилган тезкор қидирув натижасида гумондор шахс Деҳқонобод тумани "Оққишлоқ" МФЙ Қизилсой қишлоғида яшовчи фуқаро К. Ш. экани аниқланган. Унинг хонадонидан бир дона айиқ боласининг териси топилган.
“Айиқ боласи терисини сақлаб келган фуқаронинг сўзларига кўра, у айиқ боласини ўлик ҳолда топган”, - дейилган хабарда.
Қўмита бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида айиқ боласи териси экспертизадан ўтказилишини қўшимча қилган.
Гумондор шахсдан тушунтириш хати ёзиб берган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ҳозир тузилган ишчи гуруҳ суриштирув ишларини давом эттирмоқда. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилиши таъкидланган.
Экопартия фракцияси аъзоси депутат Ислом Хушвақтов ваколатли давлат органларидан мазкур экологик хуқуқбузарлик юзасидан батафсил маълумот берилишини сўрамоқда.

“Ақлли одам ҳақиқий овчи сифатида ҳайвонларга яшаш имконини бериши лозим, шу сабабли ҳам у “ёввойи одам”га нисбатан овчилик маданиятига эга эканлиги билан ажралиб туради, йўқса махлуқ қиёфасидаги инсон бўлиб қолаверади. Албатта, биз цивилизациялар даврида хуқуқий давлатда умргузаронлик қиламиз. Қонунчилигимизда ҳар қандай хуқуқбузарликка нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган”, дея ёзган депутат.

Жиноят Кодексининг 202-моддасига кўра, Қизил китобига киритилган ҳайвонот ёки ўсимлик дунёси турларини нобуд қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Қайд этиш жоизки, 25 апрель куни Давлат экология қўмитаси Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги тоғли ҳудудда она қўнғир айиқ икки боласи билан учратилганини маълум қилган эди. Ўлдирилгани айтилаётган бу айиқ боласи айнан шу айиқчалардан бири экани ёки йўқлигига аниқлик киритилмаган.