Қайси бемор йўловчилар хавфсизлик камарини тақмаслиги мумкин

Олд ўриндиқдаги йўловчиларни хавфсизлик камарини тақишдан озод қиладиган касалликлар ҳақида маълумот берилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, 1 майдан олд ўриндиқдаги йўловчилар хавфсизлик камарини тақиши шарт бўлади.
Бироқ айрим тоифадаги шахсларга хавфсизлик камарини тақмасликка рухсат этилади, саломатлиги камар тақиш имконини бермайдиган беморлар шулар жумласидан. Бунда тиббий маълумотнома мавжуд бўлиши керак.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати қайси касаллик билан касалланган беморлар хавфсизлик камарини тақмаслиги мумкинлиги ҳақида маълумот берди. Касалликлар рўйхатини Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган.
Камар тақишдан озод қилувчи касалликлар:
ўмров ва тўш суякларининг синишлари
елка камари синиши
ўпканинг сурункали обструктив касалликлари (IV босқич)
бронхиал астма (IV босқич)
ўпканинг интерстициал зарарланиши
ўпканинг бир қисми ёки бутун қисмини (чап ёки ўнг) олиб ташланган бўлса
сурункали юрак етишмовчилигининг III босқичи ва декомпенсация босқичи
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 майдан тажрибаси кам ҳайдовчилар автомобилни махсус белги билан ҳайдашлари кераклиги хабар қилинган эди.