ТОШКЕНТ, 26 апрель — Sputnik. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов топшириғига асосан “Андижон полкаси” куйи яратилганининг 100 йиллиги ва шу номдаги халқ рақс ансамбли ташкил этилганини 65 йиллиги муносабати билан вилоятда “Андижон полкаси” ойлиги эълон қилинди. Ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими ўринбосари Азизхон Махсумов имзолаган хабарнома тарқалди.
Ҳужжатда ёзилишича, ўзини ҳақиқий андижонликман деб билганлар бутун жамоаси, ҳамкасблари билан ҳар куни Андижон полкаси рақсига тушишни одат тусига киритишлари лозим.
“Бундан ташқари шаҳар бўйлаб ҳаракатланаётган барча жамоат транспортларида, савдо дўконларида, бозорларда, меҳмонхоналарда, авто ва темир йўл вокзалларида ва бошқа одамлар гавжум бўлган барча ҳудудларда турли челленжлар ва флешмоблар ташкил қилиш орқали оммалаштириш зарурлиги белгиланди”, - дейилган ҳужжатда.
Шунингдек, ҳоким ўринбосари имзоган ҳужжатда ўтказилаётган тадбирларнинг фото ва ёзма ахбороти хар ҳафта вилоят ҳокимлигининг туризм котибиятига тақдим этиш сўралган.