Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташриф санаси айтилди

Май охирида ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари Қирғизистонга саммитда иштирок этиш учун келишади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 май куни Қирғизистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров маълум қилди.
Жапаровнинг сўзларига кўра, 27 май куни Евроосиё иқтисодий иттифоқига (ЕОИИ) аъзо давлатлар раҳбарлари Қирғизистондаги саммитда иштирок этиш учун келишади.

“Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 26 май куни Қирғизистонга ташриф буюради. Шу куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюради. 27 май куни ЕОИИга аъзо барча давлатлар президентлари келишади”, - деди Қирғизистон раҳбари "Кабар" нашрига берган интервьюсида.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев май ойида Қирғизистонга жавоб ташрифини амалга ошириши маълум бўлган эди.
ЕОИИ давлат раҳбарларининг навбатдаги кенгаши Иссиқкўлда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Саммит доирасида “катта иқтисодий форум” ўтказилади.
Ўзбекистон 2020 йил декабрь ойида ЕОИИда кузатувчи давлат мақомини олган эди. Иттифоқ 2014 йилда Россия, Беларусь ва Қозоғистон ўртасида тузилган шартнома асосида ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Бу иттифоққа 2015 йилда Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлган, Молдова ва Куба кузатувчи мақомига эга.
ЕОИИнинг мақсади — аъзо давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини юксалтириш борасида барқарор ривожланиш учун шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, капитал ва иш ресурсларининг ягона бозорини шакллантиришга ҳаракат қилиш, глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳар томонлама модернизациялаш ва ўзаро кооперацияни ривожлантиришдан иборат.