ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини камида 500 миллион долларга етказиш керак. Бу ҳақда Беларусь бош вазири Роман Головченко Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан учрашув чоғида маълум қилди.
Головченконинг сўзларига кўра, 2017 йилдан буён икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми беш бараварга ўсган. Буни янада кўпайтириш учун салоҳиятлар кўп.
У Беларусь Ўзбекистон маҳсулотлари етказиб берилишини оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Гап биринчи галда йигирилган ип, металл, мева ва сабзавот маҳсулотлари ҳақида бормоқда. Қайд этилишича, Беларусда бу маҳсулотларга бўлган талаб юқори.
“Товар айирбошлашни кўпайтириш учун қайси шакллардан фойдаланиш борасида қабул қилиш зарур. Бу ҳам савдо уйлари, ҳам транспорт-логистика марказлари бўлиши мумкин”, - дея қўшимча қилди Беларусь бош вазири. Унинг сўзларидан БелТА иқтибос келтирган.
Абдулла Арипов ўз навбатида Ўзбекистон Беларусь билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини маълум қилди.
“Беларусь анъанавий равишда Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли ҳамкоридир. Иқтисодиётларимиз бир-бирини ўзаро тўлдириб туради”, - деди Арипов.
Ўзбекистон бош вазири ҳам товар айирбошлашни 500 миллион долларгача ошириш учун саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарур деб ҳисоблайди.
2021 йилда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги товар айирбошлаш 30,9 миллион долларни ташкил этган. Ўзбекистон Беларусга асосан пахтадан йигирилган ип, янги узилган мева, қуруқ мева каби маҳсулотларини етказиб бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь ҳукумати делагацияси бош вазир Роман Головченко бошчилигида 24-25 апрель кунлари Тошкентда бўлиши хабар қилинган эди.