Беларусь Тошкентда трамвайни тиклашда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди

Бош вазирнинг сўзларига кўра, Беларусь томони ҳам саноат кооперациясини ривожлантиришдан манфаатдор.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 апр — Sputnik. Беларусь бош вазири Роман Головченко Тошкентда трамвайни тиклашда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан учрашув чоғида маълум қилди, деб хабар қилмоқда “БелТА” .

“Бизда йўловчилар учун мўлжалланган шаҳар транспорти соҳасида таклифларимиз бор. Электр транспортининг ривожланиши бугунги кунда шунчаки модага бўлган ҳурмат эмас, бизнингча, бу яқин ўн йилликларда транспорт тузилмасини белгилаб берадиган асосий қарордир. Биз сизга ушбу экологик тоза транспорт соҳасида ўз имкониятларимизни таклиф қилишни истардик”, - деди у.

Унинг сўзларига кўра, Тошкентда йўлга қўйилиши айтилаёган трамвай қатновига Беларусь томони зарур инфратузилма ва ҳаракат таркибини етказиб бериш билан комплекс ечимларни тақдим этишга тайёр. Агар шундай қарор қабул қилинса, Беларусь Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имкониятларини ҳам кўриб чиқади.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, Беларусь томони ҳам саноат кооперациясини ривожлантиришдан манфаатдор.
“Бундай ҳамкорликнинг намуналари аллақачон мавжуд. Биз Беларусь ечимлари асосида қишлоқ хўжалиги учун махсус ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишга тайёрмиз. Ушбу таклифларнинг кўпчилиги яъни Беларусь машинасозларининг илғор ишланмалари бугун кўргазмада намойиш этилади”, - дейди Головченко.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 2 май куни Тошкентда ҳаракатланаётган сўнгги трамвай йўналиши — "Бешқайрағоч" даҳаси ва Ипподром ўртасида қатновчи 17-йўналиш ёпилган ва шу билан пойтахт трамвайининг 115 йиллик тарихи якунланган эди. 2022 йил февралида президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга трамвайни қайтариш режаси борлигини маълум қилган эди.