Шерзод Кудбиев Фискал институт ректори этиб тайинланди

Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиевга институт ректорлиги вазифаси юкланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 апр — Sputnik. Шерзод Кудбиев Фискал институт ректори этиб тайинланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” телеграм каналида хабар берилди.
“Ҳукумат қарори билан Шерзод Давлятович Кудбиевга Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Фискал институт ректори вазифасини бажариш ҳам юкланди”, - дейилган хабарда.
Шерзод Кудбиев 2020 йилнинг май ойидан буён Солиқ қўмитаси раиси сифатида ишлаб келмоқда.
Кудбиев 1981 йилда туғилган, Фарғона политехника институтини битирган. Тошкентнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими бўлган. 2015−2016 йилларда Вазирлар Маҳкамаси Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти мудири ўринбосари бўлиб ишлаган.
У 2018 йил апрель ойида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири этиб тайинланган, 2019 йилнинг август ойидан Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ва 2019 йили янги ташкил этилган президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг директори лавозимида меҳнат қилган.