Бу қизиқ

Қандли диабeтга чалинган болалар қандай парҳез қилиши керак?

Болаларда қандли диабетнинг 1-турини даволаш асосан парҳез сақлаш, жисмоний ҳаракатлар ва инсулинотерапиядан иборат.
Sputnik
Бутун дунёда болалар орасида тобора кўпроқ учрайдиган қандли диабет ҳақида нималарни билиш керак? ССВ кўпчиллик ота-оналарни қизиқтирган ушбу саволга батафсил жавоб берди.
Бугунги кунда қанди диабетга чалинган болалар тобора кўпайиб бораётгани дунё аҳлини жиддий ташвишга солмоқда. Ушбу касаллик ёш болалар, ҳатто, чақалоқлар орасида ҳам кўп учрамоқда, - дейди Республика эндокринология марказининг болалар эндокринологияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳноза Азимова.
— Болаларда қандли диабетнинг асосан 1-тури учрамоқда. Организмда инсулин етишмовчилиги ҳисобига беморларда тез-тез пешобга чиқиш, суюқликни кўп миқдорда ичиш, ҳолсизлик, озиб кетиш каби илк белгилар кузатилади.
Қандли диабетнинг 1-тури наслдан-наслга ўтади. Агар қатъий парҳезга амал қилиниб, жисмоний фаоллик таъминланса ва боланинг доимий ҳолати назорат қилиб борилса, касаллик аломатларининг олди олинган бўлади. Агар акси бўлса, кўз, буйрак фаолиятида бузилиш кузатилади.
Майда ва катта қон томирларидаги асоратлар билан бирга, бўй ўсмаслиги ва жинсий ривожланишнинг орқада қолиш ҳолатлари рўй беради. Ушбу белгилар қандли диабетнинг кечки асоратларидан ҳисобланади.
Фарзандига қандли диабет 1-тур ташхиси қўйилган ота-оналар дастлаб ўғил-қизларининг махсус мактаблар, яъни диабет: ўз-ўзини назорат қилиш мактабларида таълим олишларига шароит яратиши шарт. Бундай мактаблар ҳар бир вилоят эндокрин диспансерлари қошида очилган.
Бу ерда диабетга чалинган болалар ўз-ўзини назорат қилиши, гипогликемия ва кетоатседозга шубҳа қилинганда қондаги глюкозани аниқлашни ўрганади, - дейди шифокор.

Диабетга чанинган болалар қандай парҳез қилиши керак?

Шаҳноза Азимованинг таъкидлашича, ушбу касалликка чалинган болалар кундалик рационига таомномасига оқсил, ёғ, углевод, витамин ва микроэлементлар киритилади. Углеводларни истеъмол қилишда уларнинг гликемик индексига эътибор берилади. Гликемик индекси паст бўлган маҳсулотлар, масалан, дуккаклилар, сули, сабзавотлар қондаги қанд миқдорини секин кўтаради.
Диабет билан оғриган болалар кун давомида 5-6 маҳал овқатланиши, жумладан, 3 маҳал асосий таомланиш ва оралиқ вақтда қўшимча овқатланиш тавсия этилади.
Парҳезга риоя қилинганда қондаги қанд миқдорининг кескин ортиши ва шу билан бирга, қанднинг турли аъзо ва тўқималарга ножўя таъсири олди олинади, қабул қилинаётган инсулин дозасини коррекциялаш осон бўлади.
Шунинг учун болалар ва уларнинг ота-оналари истеъмол қилинаётган углеводларни ҳисоблашни билишлари лозим.
Қандли диабет ҳақида нималарни билиш керак?