Яна тўрт ҳудудда инновацион технопарк ташкил этиш режалаштирилмоқда

Лойиҳа маҳаллий бюджет ҳамда Ўзбекистон Республикаси ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 апр - Sputnik. Тошкент шаҳрида барпо этилган “INNO” инновацион ўқув-ишлаб чиқариш технопарки 2023-2026 йилларда Наманган, Бухоро, Жиззах ва Нукус шаҳарларида ҳам босқичма-босқич ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаган қарори лойиҳасида айтиб ўтилган.
Қарор лойиҳасига кўра, ташкил этиладиган технопаркларда 8 та стартап акселератор, 4 та бизнес инкубатор, 4 та ишлаб чиқариш майдонлари, 12 та коворкинг марказлари фаолиятини йўлга қўйилади.
Лойиҳа маҳаллий бюджет ҳамда Ўзбекистон Республикаси ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Шунингдек, технопарклар резидентлари инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун энг қулай шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон ҳудуди доирасида экстерриториаллик принципи асосида жойлаштирилади.
Технопаркларни қурилиш ва жиҳозлаш харажатларининг 90 фоизи Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури, 10 фоизи Қорақалпоғистон республика бюджети ва тегишли вилоятлар маҳаллий буджетининг маблағлари ҳисобидан қопланади.
Технопаркларга ҳар йили “Бўлажак олим” танлови доирасида ажратиладиган маблағларнинг 30 фоиздан кам бўлмаган миқдори стартап лойиҳаларни эълон қилиш, кўриб чиқиш, танлаб олиш ва муваффақиятли лойиҳаларни молиялаштириш учун йўналтирилади.