ТОШКЕНТ, 22 апр - Sputnik. Владивостокдаги Антон Чехов номидаги марказий кутубхонада 21 апрель куни “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг тақдимоти ўтказилди.Тадбир Владивостокдаги Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан ташкил этилди.
Тақдимотда Бош консул Р. Исмоилов Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ғалаба боғининг миллий, минтақавий ва халқаро аҳамияти, боғининг барпо этилиши ҳамда унга бағишлаб ёзилган Акмал Саидовнинг “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Владивосток шаҳар ҳокими ўринбосари Д.Стегний сўзга чиқиб, Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушига қўшган улкан ҳиссасини, жумладан, жанг майдонида иштирок этган 301 нафар ўзбек ҳарбийсининг генерал унвонига сазовор бўлганини юксак баҳолади.
Тадбирда Владивосток шаҳри маъмурияти, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Владивосток шаҳридаги ваколатхонаси, Владивосток шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар намояндалари, кутубхона раҳбарияти, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари, ўзбек диаспораси ва Приморск ўлкаси ёшлар ҳаракати вакиллари ҳамда Владивосток шаҳридаги ўрта таълим муассасаларининг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Тадбир доирасида шунингдек Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг рафиқасига бағишланган "Сен етим эмассан" бадиий фильми намойиш этилди.
Тақдимот ниҳоясида Антон Чехов номидаги марказий кутубхона, Владивосток фахрийлар кенгаши жамғармаси, Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари ва бошқа иштирокчиларга “Ғалаба боғи фалсафаси” китобининг рус тилидаги нашри туҳфа этилди.