Ўзбекистонлик олимлар илк бор осётр балиқларидан қора икра олишди

Балиқчилик илмий-тадқиқот институти олимлари Россиядан олиб келинган осётр балиқларидан саноат шароитида насл олиш технологиясини яратишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Россиядан увулдириқ пайтида олиб келинган осётр балиқларидан икра олинди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистонга балиқнинг 4 та янги тури – осётр, африка лаққаси, ласос ва тиляпия келтирилди. Улар бугунги кунда мамлакат иқлимига мослаштирилган ва жуда яхши натижалар бермоқда.
Ҳозирда Балиқчилик илмий-тадқиқот институтида ёпиқ сув таъминотига эга 7 та ҳавза бор. У ерда институт олимлари осётр балиқларидан саноат шароитида насл олиш технологиясини яратишди.
“Институтда осётр хонаси бор. Бу ерда асосан осётр она балиқлари боқилади. Бу йил биринчи маротаба улардан икра олинди ва личинка чиқарилди. Осётр балиғи 7 ёшида жинсий вояга етади, вазни 8 кг. Шу ёшидан бошлаб икраси олинади”, дейди Балиқчилик илмий-тадқиқот институти лаборанти Аҳмад Ғуломов.
Осётрлар хонасида 25–28 °C даражада кўпайтириш ва увилдириқ сочиш учун 400 га яқин она балиқлар боқилмоқда.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг балиқчилик тармоғида сўнгги беш йилда умумий қиймати 2,2 трлн сўмлик 1016 та лойиҳа амалга оширилган. Бу ушбу йилда балиқ етиштириш ҳажмини 6 баробарга ошириш ва 400 минг тоннага етказиш имконини берди. Яқин йилларда балиқ етиштиришни 600 минг тоннага етказиш кутилмоқда.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 434-сон қарори билан, балиқчилик хўжаликларига-интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқларининг (лосось, форель ва осётр) ҳар бир килограмми учун 3 000 сўм қолган турдаги балиқлар учун 1 000 сўм миқдорида субсидия ажратилади.