Мирзиёев Қашқадарёга жўнаб кетди

Президент Қашқадарё вилоятида ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш шароитлари билан танишади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш шароитлари билан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятига жўнаб кетди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф дастури жуда кенг. Президент бугуннинг ўзида кластер ва саноат корхоналарида, фермер хўжалиги даласида бўлади, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалардаги ўзгаришлар билан танишади.
Шунингдек, халқ билан мулоқот, вилоят фаоллари билан учрашув, қишлоқ хўжалиги ва саноат лойиҳалари тақдимоти ҳам режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга сафари икки кун, 21-22 апрель кунлари, давом этади.