Сиёсатшунослар Термиз ўққа тутилгани айтилган фейк ҳақида қандай фикрда

Ижтимоий тармоқлардаги бунга ўхшаш провокацияларга нима сабаб бўлган бўлиши мумкин?
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. 18 апрелдан 19 апрелга ўтар кечаси ижтимоий тармоқларда “Ислом давлати”* жангарилари гўёки Афғонистон ҳудудидан Термиздаги ҳарбий объектларни ракеталар билан ўққа тутгани айтилган фейк видео тарқалди. Ўзбекистон ҳукумати тезда бу хабарни рад этиб, мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.
“Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Чегара қўшинлари берган маълумотга кўра, Ўзбекистон-Афғонистон чегарасида ҳеч қандай ҳарбий фаоллик кузатилмаяпти, вазият барқарор. Провокацияларга берилмаслигингизни сўраймиз”, - дея маълум қилди мамлакат президенти матбуот котиби Шерзод Асадов.
Ижтимоий тармоқлардаги бунга ўхшаш провокацияларга нима сабаб бўлган бўлиши мумкин? Бу саволга сиёсатшунос экспертлар жавоб беришди.

Марказий Осиёдаги вазиятни издан чиқаришга уриниш – бутун бир стратегия

Термиз ўққа тутилгани ҳақидаги фейкнинг асосий мақсади – ахборот майдонида бутун Марказий Осиёда беқарорликни юзага келтириш, деб ҳисоблайди “Ma’no” тадқиқотлар ташаббуси маркази директори Бахтиёр Эргашев.
“Бу, айниқса, ҳозирги сиёсий вазиятда долзарб. Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияси бошланганидан кейин учинчи томонлар Россия учун жанубий йўналишда муаммо туғдириш ва Марказий Осиёда “иккинчи фронт” яратишдан манфаатдор бўлишлари мумкин”, - деди Эргашев Sputnik мухбири билан суҳбатда.
Маълумки, Россиянинг қўшнилари олдида қатор иттифоқчилик мажбуриятлари бор: КХШТ шартномаси ва Россия-Ўзбекистон иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома.
“Марказий Осиёда вазиятнинг издан чиқиши – бу Россия учун ҳам, Хитой учун ҳам муаммо. Ҳиндистон учун ҳам эҳтимолий муаммо. Шу боис минтақадаги вазиятни издан чиқаришга уринишлар бўлади – бу аниқ бир мақсад кўзланган ва узоқ муддатли стратегия. Шунга ўхшаш ёлғон хабарлар фақат кўпайиб боради”, - дейди эксперт.
Эргашевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг ўз вақтида раддия бергани сабаб бу хабар натижасида республикада хавотирли кайфият кузатилмаган.

Фейкларни қандай фарқлаш мумкин

Видео фейклар – Ўзбекистон учун бирмунча янги ҳолат. Шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келган интрнет фойдаланувчилари нималарни ёдда тутишлари зарур? Буни Евроосиё таҳлилий клуби аъзоси Никита Мендкович тушунтирди.
Агар хабарни норасмий манба ёки йирик бўлмаган ОАВ чоп қилган бўлса, бунга шубҳа билан қараш даркор, деб ҳисоблайди эксперт.
“Агар вазият сиздан ҳеч қандай аниқ ҳаракатларни талаб этмаса, вазият ойдинлашиши билан хулоса чиқариш керак. Агар бу тунда содир бўлса, расмий хабар чиқишига қадар бир неча соат кутиб туринг”, - деди сиёсатшунос.
Мендкович провокаторлар кўпинча эски ва бошқа мамлакатларда олинган видеолар билан чалғитиши мумкинлигидан огоҳлантиришди. Шунинг учун бу видео олдин ижтимоий тармоқларда тарқалгани ёки йўқлигини текшириб кўриш тавсия этилади.
* Россия ва қатор мамлакатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти