ТОШКЕНТ, 20 апр — Sputnik. Кузатилган кучли ёғингарчиликлар оқибатида Жиззах вилоятининг Бахмал, Фориш, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманларига сел келди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, натижада айрим аҳоли яшаш жойлари, ижтимоий соҳа объектлари, экин майдонлари сел оқимларидан зарарланган.
Айни пайтда табиий офат оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Ўзгидромет бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаевнинг маълум қилишича, Жиззах вилоятининг "Ғаллаорол" метеорологик станциясида 2 соат 5 минут оралиғида 31.5 мм ёғин ёққан. Бу жуда кўп миқдор ва фавқулодда вазиятлар чиқарадиган даража ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзгидромет 18-21 апрель кунлари кучли ёмғирлар ёғиши сабабли қатор ҳудудларда, жумладан, Жиззах вилоятида сел келиш хавфи борлигидан огоҳлантирган эди.