АКТ вазирлиги "Яндекс.Такси"га Тошкент IT-парки резиденти бўлишни таклиф қилди

АКТ вазирлиги ва Яндекс такси ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКEНТ, 19 апр – Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати "Яндекс.Такси"га Тошкентдаги IT-паркнинг резиденти бўлишни таклиф қилди, деб хабар қилди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги.
Хабарда айтилишига кўра, АКТ вазири Шерзод Шерматов ва "Яндекс.Такси" компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича бошқарувчи директори Кирилл Свинцов билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган.
"Бугунги кунда компания Ўзбекистон бозорида фаоллашиб, фуқароларга қулайлик яратмоқда. АКТ вазири компанияга IT-парк резиденти мақомини олиш таклифини илгари сурди", — дейилади вазирликнинг Телеграм-каналдаги хабарида.
Шерматов Ўзбекистонда "Яндекс.Такси" фаолияти кенгаяётгани, бошқа вилоят марказларида ҳам ушбу хизмат кенг жорий этилаётганини қайд этди.
Томонлар, шунингдек, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Эслатиб ўтамиз, "Яндекс.Такси" Ўзбекистонда 2018 йилнинг апрель ойидан бошлаб ишламоқда. Бугунги кунда компания Тошкент шаҳрида ва яна бир неча вилоят марказларида ўз фаолиятини йўлга қўйган.
“Тошкент IT-парки” бироз олдин ишга тушган бўлиб, у ерда хорижий IT компаниялар ва IT-мутахассисларини рўйхатдан ўтказиш, офис очиш, ишга ёллаш хизматлари кўрсатилмоқда. Мақсад - IT соҳасига хорижий компания ва мутахассисларни жалб қилиш, уларнинг мослашиш ва ишга жойлашишда ёрдам бериш. IT-парки матбуот хизмати хабарига кўра, йил бошидан буён 3000 дан ортиқ хорижлик ушбу дастурдан фойдаланган.