ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Португалия терма жамоаси сардори, Англиянинг "Манчестер Юнайтед" ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг эгизак фарзандларидан бири туғилиш жараёнида вафот этди. Бу ҳақда футболчининг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали маълум қилди.
“Чақалоғимиз оламдан ўтганини чуқур қайғу билан маълум қиламиз. Фақатгина қизчамизнинг дунёга келиши бизга бу онни оз бўлса-да умид ва қувонч билан ўтказишга куч беради”, - дея ёзди Роналду.
Ўтган йил октябрь ойида Роналду Жоржина Родригес билан эгизак фарзанд кутаётганини маълум қилган эди. Кейинчалик бу ўғил ва қиз эканлиги маълум бўлган эди.
Роналду ва унинг қайлиғи Жоржина Родригеснинг 3 ёшли Алана Мартина исмли қиз фарзанди бор. Шунингдек, Родригес Роналдунинг суррогат онадан туғилган уч нафар фарзандига ҳам оналик қилади.