Президент Тошкент ҳокимини қатъий огоҳлантирди, қатор амалдорларни ишдан олди

Маҳаллабай ишлаш тизимида камчилик ва оқсоқликка йўл қўйган ҳокимлар, уларнинг биринчи ўринбосарлари огоҳлантирилди. Айримлари эса лавозимидан айрилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини оширишга бағишланган йиғилишда қатор амалдорлар лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби хабар қилди.
Таъкидланишича, ҳоким ёрдамчилари уч ой давомида 35,3 миллион аҳоли яшайдиган 6 миллион 900 минг хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказишган ва уларни 4 та тоифага ажратишган. Булар 11 фоизи – кам даромадли; 47 фоизи – доимий даромади бўлгани билан қўшимча даромадга эҳтиёжи бор; 6 фоизи – ижтимоий ҳимояга муҳтож; 36 фоизи – иқтисодий аҳволи яхши, ўзига тўқ оилалар ҳисобланади.
Яъни, янги тизим орқали ҳар бир ҳоким, унинг иқтисод бўйича 1-ўринбосари ва ҳоким ёрдамчилари аҳолининг 64 фоизи билан манзилли ишлаш кераклигини билиб олдилар.
Бу борада, жойлардаги мутасадди раҳбарлар ва ҳоким ёрдамчилари биринчи ва иккинчи тоифадаги хонадонлар билан ишлаб, 3 ойда 736 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлади ҳамда 54 минг нафар фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитди.
Йиғилишда тизимдаги оқсоқликлар қатъий танқид қилинди.
“Ҳали 40 фоиз маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг ишида натижа кўрингани йўқ. Мисол учун, 450 та маҳаллада ишсизлик даражаси 20 фоиздан юқори. Бундай маҳаллалар сони Тошкент вилоятида – 59 та, Фарғонада – 52 та, Андижонда – 45 тани ташкил этиб, қолган ҳудудлардан кўп”, - деди президент.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ бошлиғи қатъий огоҳлантирилди. Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари биринчи ўринбосарлари лавозимига лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Шунингдек:
- Олтинкўл тумани, Зарафшон шаҳри ҳокимлари;
- Бекобод, Оққўрғон, Косонсой, Нишон, Избоскан, Қўрғонтепа, Шовот, Тўрткўл, Томди, Тўрақўрғон, Қумқўрғон, Фарғона туманлари, Навоий, Каттақўрғон шаҳарлари ҳокимларининг 1-ўринбосарлари;
- Кармана, Фориш туманлари прокурорлари;
- Янгиер, Шаҳрисабз шаҳарлари, Фориш тумани ИИБ бошлиқлари;
- Нурота, Музработ, Шаҳрисабз, Мирзачўл туманлари солиқ бошлиқлари;
- республикадан 11 нафар вакил лавозимидан озод этилди.
“Маҳаллада тизим ва шароит яратганимиз, албатта, қайси туман ва шаҳар раҳбарлари фидойи бўлиб ишлаган бўлса, натижа беряпти”, - деди давлат раҳбари.
Барча инфратузилмаси ва молиявий имкониятлари мавжуд бўла туриб, республика бўйича 12 та шаҳар ҳамда Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ва Самарқанднинг 2 тадан туманидаги аксарият ҳоким ёрдамчиларининг фаолияти “қониқарсиз” деб топилгани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан Нукус, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Термиз, Гулистон, Фарғона, Марғилон, Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод шаҳарлари, Учтепа, Мирзо Улуғбек, Тошкент, Қибрай, Бўстонлиқ ва Ургут туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарларини ҳам ишдан олишга кўрсатма берилди.
Ўтган 3 ой ичида ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви аниқлаб олингани, энди ушбу маҳаллаларни ихтисослашуви бўйича қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилиши қайд этилди.
Энг яхши натижа кўрсатган 14 нафар ҳоким ёрдамчиларини мукофотлаш, ижобий натижага эришган 2 минг 943 нафар ҳоким ёрдамчиларига ташаккурнома юбориш топширилди. Ижобий натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишонига муносиб номзодлар захираси экани кўрсатиб ўтилди.