Лавров Ҳиндистон телеканалига интервью берди: асосий фикрлар

Россия ташқи ишлар вазири “India Today” телеканалига берган интерьюсида Украина, ядро қуроли ва Россияга қарши провокацияларга тўхталди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 апр — Sputnik. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “India Today” телеканалига катта интервью берди.

Украина, ядро қуроли, НАТО

Россия ТИВ раҳбари журналистнинг Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Россия Киевга ядро қуроли билан ҳужум қилиши мумкин деган хавотирлари ҳақидаги саволига жавоб берди.
“Мен ҳуши унчалик жойида бўлмаган одам айтган гапларга муносабат билдира олмайман”, - деди у ва айнан Россия ядро қуролидан фойдаланишни тақиқлаш тўғрисидаги барча халқаро битимлар ташаббускори эканини эслатди.
НАТО мамлакатлари ва Владимир Зеленский ўртасидаги муносабатларга тўхталиб, Лавров Ғарб Украина президентини қўллаб-қувватлашда давом этишига шубҳа билдирди.
“Улар ундан (Украина президентидан – таҳр.) Россияга қарши фойдаланишди, уни Минск битимларига амал қилмасликка мажбурлаш учун қўлларидан келган ишни қилишди”, - деди Россия вазири.
Лавров яна бир бор таъкидладики, Украинанинг тинч аҳолиси Россия ҳарбийлари нишони эмас ва бўлмайди ҳам, тинч аҳоли Украина Қуролли кучлари хатти-ҳаракатлари туфайли қурбон бўлган.
“Биз фақат ҳарбий инфратузилмаларга зарба беряпмиз. Афсуски, миллатчилар рамзларидан фойдаланаётган украин армияси... бу батальонлар одамлардан жонли қалқон сифатида фойдаланишни давом эттирмоқда, улар шаҳарлардаги болалар боғчалари, касалхоналар, турар бинолар олдида оғир қуролларни жойлаштиришда давом этишмоқда”, - деди у.

Украинадаги фейклар, ўз сўзида турмаслик

Украина армиясининг ҳарбий жиноятлари далиллари, жумладан, гувоҳларнинг айтганлари мунтазам равишда катта ҳажмда чоп қилинмоқда, бироқ дунё ҳамжамияти буни кўрмасликка олишда давом этмоқда, дейди Лавров.
“Афсуски, Ғарбда биз тақдим этаётган фактларга ҳеч ким эътибор бермаяпти. Улар бир неча кун олдин Бучада бўлганидаги каби бундай материалларни сохталаштиришмоқда”, - дея эслатди Россия ТИВ раҳбари.
Лавровнинг сўзларига кўра, Росссия Донецк халқ республикаси (ДХР) ва Луганск халқ республикасини (ЛХР) тан олди ва ўз қароридан воз кечмайди. Украина томонидан билан музокаралар натижа бермаяпти, чунки Киев ўз позициясини доим ўзгартирмоқда. Мисол учун, Туркиядаги музокараларнинг олдинга силжишидан кейин Россияга нисбатан навбатдаги провокация уюштирилган.
“Биз улар сари бориб, Чернигов ва Киев вилоятларидаги қўшинларимиз жойини ўзгартирдик, бироқ бунга баҳо беришмади ва бирданига Бучадаги провокация рўй берди”, - деди Россия ташқи ишлар вазири.
Дипломат умуман олганда Россия Украинадаги режимни ўзгартиришни режалаштирмаётгани таъкидлади.
“Биз Украинадаги режимни ўзгартирмоқчи эмасмиз, бу ҳақда кўп маротаба айтганмиз. Биз украинлар кейин ўзлари қандай яшашни хоҳлашлари борасида бир қарорга келишларини истаймиз. Биз одамларнинг эркин танлови бўлишини истаймиз”, - деди Лавров.
У Украинадаги махсус ҳарбий операциянинг мақсади мамлакатни денацификация ва демилитаризация қилиш эканини яна бир бор эслатиб ўтди.