Яман президенти Ар-Риёд босими туфайли истеъфога чиқди - ОАВ

Етти йил давомида ҳукуматни топширишни истамаган Яман собиқ президенти Ҳоди Саудия Арабистони қарори билан ваколатини топширди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 апр - Sputnik. Саудия Арабистони расмийлари Яман президенти Абд Рабба Мансур Ҳодини истеъфога чиқишга ва ўз ваколатларини Президентлик бошқарув кенгашига топширишга мажбур қилди. Ҳозир президент уй қамоғида, деб ёзмоқда Wall Street Journal Саудия ва Яман расмийларига таяниб.

Яман президенти мамлакатда етти йил давом этган фуқаролар урушидан сўнг ўз ваколатларини саккиз нафар таниқли сиёсий лидерни ўз ичига олган Президентлик бошқарув кенгашига топширди. Кенгаш ташкил этилгани ҳақида Ар-Риёддаги умумий маслаҳатлашувлар якунлари бўйича эълон қилинди, унинг иштирокчилари янги куч тузилмасини ҳусийлар билан музокара бошлашга чақиришди.

Ар-Риёддаги музокаралар чоғида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ол-Сауд Яман президентига кенгашга ваколатларни топшириш қоидаларини белгилаб берувчи “ёзма фармон”ни топширди, деб ёзади Америка газетаси. Ҳодини истеъфога чиқариш қарорини кенгашнинг бошқа иштирокчилари ҳам қўллаб-қувватлаган.
Яна бир манбага кўра, Саудия Арабистони расмийлари Ҳодини ҳокимиятдан кетишга кўндириш мақсадида унинг коррупцион фаолиятига оид далилий далилларни ошкор қилиш билан таҳдид қилишган. Лекин Саудия Арабистони расмийсининг яна бир вакили Ар-Риёд Ҳодийнинг ҳокимиятдан четлатилишини “ташкил этмагани” ва коррупция ҳаракатларини фош қилиш билан таҳдид қилмаганини айтди.
Яман можароси

2000 йиллар бошида Яманда Хусайин ал-Хусий бошчилигидаги шия мусулмонлари кўп йил ҳукумат тепасида бўлган сунний раҳбарларни дискриминацияда айблаб, норозилик намойишларига чиқишади.

2004 йилда Ал-Хусий ҳукумат қўшинлари томонидан ўлдирилади ва қарама-қаршиликлар кескин тус олади.

2015 йил бошида хусийлар ҳукуматни куч билан эгаллаб олади ва амалдаги президент Ҳоди пойтахтдан қочишга мажбур бўлади.

7 йил давомида Ҳоди Саудия Арабистони, БАА, Қувайт ва бошқа давлатлар ҳарбий кўмагида хусийларга қарши курашиб келаётган эди.

2022 йил апрелида у ваколатини Президентлик бошқарув кенгашига топширди.