ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Москва ташқи савдо ҳисоб-китобларини рубль ва ишончли ҳамкор мамлакатлар миллий валюталарига ўтказишни тезлаштириши лозим. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин иқтисодий масалаларга бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Путин дўст бўлмаган мамлакатларнинг Россияга қарши киритган чекловлари маҳаллий бизнес имкониятига таъсир қилгани, экспорт ва импорт логистикасини қийинлаштиргани, ҳисоб-китоб олиб боришда тўсиқларни юзага келтирганини таъкидлади. Шу боис Россия раҳбари бу муаммоларни ҳал этишда тадбиркорларга ёрдам максимал даражада кўмаклашиш зарурлигини айтди.
“Жумладан, ташқи савдони рубл ва ишончи бизнес ҳамкор мамлакатлар миллий валюталарига ўтказиш зарур. Таъкидлайманки, янги, ўзгарган шарт-шароитларда биз ўта юқори суръатларга олдинга силжишимиз шарт”, - деди Путин.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин 14 апрель куни Россия бозорини миллий валюталардаги ҳисоб-китобга ўтказишни тайёрлашга оид топшириқ берган эди. Ўшанда у ишончсиз валюталардан воз кечиш бу Россия иқтисодий хавфсизлиги нуқтаи назаридан стратегик вазифа эканини таъкидлаган эди.