Пойтахт ҳокимлиги огоҳлантириш билан чиқди

Тошкент ҳокимлиги кучли шамол ва ёмғир ёғишидан огоҳлантирди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Тошкент шаҳрида кучли шамол ва ёмғир ёғиши кутилмоқда. Шу муносабат билан пойтахт ҳокимлиги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқди.
Таъкидланишича, шамол дарахтлар ва шохларни синдириши, мустаҳкам ўрнатилмаган конструкцияларни ўрнидан қўзғатиши мумкин. Бундан улар остидаги одамлар ва автотранспорт воситалари зарар кўриши мумкин.
“Сиздан кучли шамол кузатилганида кўчада ҳаракатланмасликни, автомобилларни дарахтлар ва бошқа турли мустаҳкам бўлмаган конструкциялардан узоқроқ, хавфсиз жойга қўйишни сўраймиз”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзгидромет 18 ва 19 апрелда баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг тўзон кузатилишидан огоҳлантирган эди.