ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 15 бўлиб ўтаётган мажлисда суғориладиган ерларни сув билан таъминлаш муаммосига эътибор қаратилди.
Аҳоли томорқаларида энг катта муаммо – сув таъминоти бўлаётгани қайд этилди.
"Мисол учун, Қашқадарёдаги 65 минг гектар томорқадан 24 минг гектарида сув муаммо. Бунинг сабаби – туман ҳокимлари сув тармоқларини тиклаш, қудуқлар қазиш, ариқ ва зовурларни тозалаш ишларини вақтида лозим даражада бажармаган”, - деди давлат раҳбари.
Шу муносабат билан мутасаддиларга:
экин турлари жойлашувидан келиб чиқиб, аҳоли томорқаларини суғориш учун 4 миллиард куб метр сувни тақсимлаш;
ҳар бир маҳалла кесимида ариқ очиш, тозалаш, тармоқларни тиклаш бўйича графикни тасдиқлаб, ишларни бошлаш топширилди.
Бу ишлар учун республика бюджетидан 50 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан яна 50 миллиард сўм йўналтирилади.
Шу билан бирга, Қўшработ, Нуробод, Конимех, Пешку, Чироқчи, Жарқўрғон, Бойсун, Оҳангарон, Ғаллаорол, Фарғона каби туманларида сув таъминоти оғир маҳаллаларда қудуқ қазиш ва насос ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплашга бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилади.
Президент сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш бўйича бир ҳафта муддатда алоҳида дастур қабул қилинишини маълум қилди.
Сув хўжалиги вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга 1 октябрга қадар:
4,5 минг километр суғориш тармоқларини тозалаш ва 231 километрини бетонлаш;
3 мингта гидротехник иншоотни таъмирлаш;
3,5 мингта насос ўрнатиш, 490 километр насос қувурларини таъмирлаш ва 281 та қудуқ қазишни таъминлаш топширилди.
Ушбу мақсадлар учун 300 миллиард сўм маблағ босқичма-босқич ажратилади.