Туркия ТИВ раҳбари Путин ва Зеленскийнинг учрашиш эҳтимолига баҳо берди

Чавушўғли Туркия томони Россия ва Украина етакчиларининг учрашувини ташкил этиш учун саъй-ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғли Россия президенти Владимир Путиннинг украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан учрашуви яқин кунларда бўлиб ўтишини тахмин қилди.
“Мен бу учрашув яқин деб ҳисоблайман. Барчаси Путин розилиги ва позициясига боғлиқ. Умуман олганда Россия етакчиси қарши эмас (учрашишга)”, - деди у NTV телеканалига берган интервьюсида.
Чавушўғли Туркия томони икки мамлакат етакчиларининг учрашувини ташкил этиш учун саъй-ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
Аввалроқ Кремль вакили Дмитрий Песков Кремль Россия президентининг Зеленский билан учрашуви имкониятини рад этмаслигини маълум қилган эди. Бироқ бу учрашув бўлиб ўтиши учун ҳужжат матни келишилган бўлиши зарур.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина Россия билан музокараларни чўзиш ва уларнинг боришини барбод қилишга уринаётганини маълум қилган эди. Киев Истанбулдаги учрашувда қайд этилган таклифлардан четга чиқишга уринмоқда.
Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги навбатдаги музокаралар 29 март куни Истанбулда бўлиб ўтган эди. Унда томонлар музокараларда олдинга силжиш борлигини қайд этишган эди.