Ўзтрансгаз Газпромбанкдан қўшимча қарз олмоқда

“Ўзтрансгаз” “Газпромбанк”дан 57,5 млн доллар “Ўзмиллийбанк”дан эса 200 млн доллар қўшимча кредит олади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Газпромбанк” АЖ ўртасида 57,5 млн долларга тенг кредит шартномаси имзоланади. Бу ҳақда Молия вазирлигининг Ягона корпоратив ахборот портали маълум қилди.
Ажратилган маблағлар жорий мажбуриятларни қайта молиялаштиришга сарфланади.
“Ўзтрансгаз” АЖ ўтган йили Россиянинг “Газпромбанк” томонидан ажратилган 300 миллион доллар миқдоридаги кредит муддатини узайтирмоқда. Шу билан бирга, жорий мажбуриятларни қайта молиялаштириш мақсадида 2 йил муддатга 57,5 млн доллар қўшимча қарз жалб этади.
Бундан ташқари, “Ўзтрансгаз” 2 йилга “Ўзмиллийбанк”дан 200 млн доллар эквивалентида кредит олади. Маблағ Ўзтрансгазнинг айланма маблағларини тўлдириш, хом ашё ва асбоб-ускуналар сотиб олиш ҳамда дастур доирасида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун сарфланади.
Хабарда қайд этилишича, Aкциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида кредит маблағларини олиш ва кредит бўйича фоиз ҳамда комиссияларни ўз вақтида ўрнатилган тартибда қайтаришни йўлга қўйиш мақулланди.
“Ўзтрансгаз” АЖ ахборот хизмати Sputnik Ўзбекистон мухбирига хабар беришича, Газпромбанк кўп йиллар давомида Ўзбекистондаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўтган йили Санкт-Петербургда ўтказилган халқаро иқтисодий форум доирасида “Ўзтрансгаз” ҳамда Газпромбанк ўртасида 300 млн долларлик қисқа муддатли бридж-молиялаштириш юзасидан келишув имзоланган. Мазкур маблағлар 545 км узунликдаги газ қувурларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳамда “Газли” компрессор станциясини капитал таъмирлаш учун олинган.