ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шаҳардаги асосий кўчаларда юзага келган барча чуқурларни 10 кун ичида бартараф этиш бўйича топшириқ берди.
“Охирги 50-60 йилда Тошкент шаҳар бундай ёғингарчиликни кўрмаган эди. Ёғингарчиликдан кейин асфалтларимиз шаҳарда ўзининг яққол қиёфасини кўрсатди, катта чуқурлар пайдо бўлди. Фуқароларимизнинг эътирозига сабаб бўляпти, ўзингизлар ҳам кўриб турибсизлар”, – деди Ортиқхўжаев йўлларни таъмирлаш юзасидан ўтказган йиғилишда.
У ҳокимлик ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Умаровга 10 кун ичидаги Тошкент кўчаларидаги барча чуқурларни бартараф этишни топширди.
“10 кун муҳлатда туман ҳокимлари, барча керакли бошқармалар билан бирлашиб, бутун шаҳрадаги мавжуд бўлган барча хусусий ва ўз бошқармангизга тегишли техникаларнинг ҳаммасини жалб қиласиз. 10 кун сизга муҳлат. Шаҳарда мавжуд бўлган асосий катта кўчаларни 10 кун ичида тўлиқ таъмирлашингиз керак”, - дея ҳоким мутасаддиларга аниқ вазифаларни топширди.
Ҳоким агар муддат 10 кундан ўтиб кетса кечирилмаслиги ва сифатсиз йўл қабул қилинмаслигини урғулади. Прокурорлар ҳамма ишни назорат қилиб, маблағларнинг тўғри сарфланиши ва йўллар сифатини текширади.
Ортиқхўжаев шаҳар фуқароларидан катта кўчаларда пайдо бўлган чуқурлар ҳақида “Халқ назорати” порталига орқали расм юбориб, хабар беришни сўради.