ТОШКЕНТ, 14 апр - Sputnik. АОКАда 13 апрель куни "Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!" танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
"Танловда 715 нафар қатнашчидан жами 2998 та ижодий иш келиб тушди. Ёшларнинг Наврўз ҳақидаги тасаввурларини фотосурат, видеоролик, шеър орқали акс эттиришга иштиёқи баланд экани намоён бўлди. Келаси йили ҳам, умуман, анъанавий тарзда шу танловни ўтказишни йўлга қўямиз", — деди Агентлик директори А.Ходжаев.
Танлов иштирокчиларининг ижодий ишлари миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида халқимиз ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришларни очиб бериш ва бошқа белгиланган талабларга қараб баҳоланди.
Ҳакамлар танлоа шартларига жавоб берадиган 513 та ижодий ишлар орасидан:
"Энг яхши ижтимоий ролик" номинацияси бўйича 3 та иштирокчи;
"Энг яхши шеър ижроси" (видеоматериал шаклида) 4 та иштирокчи;
"Энг яхши фотосуратлар" номинацияси бўйича 4 та иштирокчининг материаллари мукофотга муносиб деб топилди.
Ғолибларга махсус сертификатлар ва 5 миллиондан 20 миллионгача пул мукофотлари топширилди.
Тадбирда АОКА директори Асаджон Ходжаев, ЭОАВМА раҳбари Шерзодхон Қудратхўжа, Ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Дилноза Каттахонова, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, ташкилий қўмита ва ҳакамлар ҳайъати аъзолари, журналистлар иштирок этди.