ТОШКЕНТ, 14 апр — Sputnik. Россиянинг Екатеринбург шаҳрида газламалар кўргазмаси ва сотувига ихтисослашган Ўзбекистон савдо уйини очиш таклиф қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Таклиф Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов бошчилигидаги делагациянинг Свердловск вилояти губернатори ўринбосари Василий Козлов билан учрашувида билдирилди.
Учрашувда Россия томони Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг сифатига юқори баҳо берган.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар мамлакатда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини дастлаб тўғридан-тўғри Свердловск вилоятига, сўнгра Уралнинг бошқа ҳудудларига етказиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга тайёр эканлигини маълум қилишган.
Шунингдек, Самарқанд вилояти ва Свердловск вилояти ўртасида таълим, тиббиёт ва меҳнат миграцияси соҳаларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Шу мақсаддаги аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун томонлар жорий йил май ойида онлайн учрашув ўтказишга келишиб олдилар.
Аввалроқ россиялик рестораторлар Ўзбекистоннинг мева-сабзавотлари, газмол ва виноларига катта қизиқиш билдираётгани ва маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканликлари хабар қилинган эди.
Ўтган йил якуни бўйича Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш учдан бирга ортиб, рекорд даража – 7,5 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг биринчи ойларида савдо кўрсаткичлари 50 фоиздан зиёдга ошган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия иштирокида ташкил этилган 2 мингдан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда, Россиядан мамлакат иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.