Президент Шерали Жўраевни “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлади

Ўзбекистон халқ артисти, "Ватандошлар" жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси Шерали Жўраев орден билан мукофотланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланди. Президент Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни тегишли фармонни имзолади.
Жўраев ўзининг кўп йиллик самарали ва бетакрор ижоди билан ўзбек қўшиқчилик санъатини ва миллий маданиятни ривожлантириш, унинг шон-шуҳратини дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этишга қўшган беқиёс ҳиссаси тақдирланган.

“... мустақиллигимизнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, айниқса, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг қобилиятини рўёбга чиқариш борасидаги катта хизматлари, ижтимоий ҳаётдаги ва жамоат ишларидаги фаол иштироки ҳамда таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқ артисти, "Ватандошлар" жамоат фондининг Васийлик Кенгаши раиси Шерали Жўраев "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотлансин”, - дейилган фармонда.

Шерали Жўраев 1947 йил 12 апрель куни Андижон вилоятининг Асака туманида дунёга келган.
У 50 йилдан зиёд ижоди давомида "Ўзбегим", "Соҳибқирон", "Эгаси бор юрт", "Карвон", "Сарбон", "Инсон қасидаси" каби 600 га яқин қўшиқ яратган. Унинг "Биринчи муҳаббатим", "Ёшлигимиз", "Ой юзингга", "Ошиқлар сардори", "Дўст бўлсанг, ёнимда тур" каби ашулалари халқ қўшиқларига айланиб кетган.
Хонанда мумтоз шоирлар ғазалларини куйга солиб, ўзбек халқи меросини ёш авлодга ва жаҳонга танитишга улкан ҳисса қўшган. Шерали Жўраев 1981 йилда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист", 1987 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвонлари, 2018 йилда "Фидокорона хизматлари учун" орденига сазовор бўлган.