ТОШКЕНТ, 13 апр — Sputnik. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун ер ажратишнинг тартиблари жорий этилди. Бу бўйича президентнинг ПҚ–204-сон қарори қабул қилинди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" Telegram канали хабар бермоқда.
Қарор билан Муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун ер участкаларини ажратиш тартибини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. “Йўл харита” доирасида ўзганинг еридан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) институти янада ривожлантирилади.
Доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ердан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар такомиллаштирилади.
Муҳандислик-коммуникация тармоқлари учун ер ажратишнинг қуйидаги тартиби жорий этилди:
темир йўл линиялари ва автомобиль йўллари учун вилоят ҳокимлари қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;
электр, алоқа линиялари, газ, нефть, сув ва канализация қувурлари, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги таркибидаги ички йўллар ва кичик сув ҳавзалари учун ер ажратиш талаб этилмайди (техник талабларда белгиланган ҳоллар мустасно). Булар учун сервитут белгиланади;
сервитут ҳуқуқи келишув шаклида, келишувга эришилмаганда эса суд қарори билан расмийлаштирилиши мумкин;
сервитут белгиланган ер учун ер солиғи (ижара тўлови) ер мулкдори, эгаси, фойдаланувчиси ва ижарачиси томонидан тўланади.
Қарор билан Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссияси ташкил этилди.
Маълумот ўрнида, Ер Кодексининг 30-моддасига кўра, Сервитут бир нечта мақсадларда белгиланиши мумкин:
ўзганинг ер участкаси орқали пиёда ёки транспортда ўтиш;
ўзганинг ер участкасида дренаж ишлари ўтказиш;
ўзганинг ер участкасидан электр узатиш, алоқа линиялари ва трубопроводлар, ирригация, муҳандислик ва бошқа линиялар ҳамда тармоқлар ўтказиш ва улардан фойдаланиш;
ўзганинг ер участкасидан экинзор ва молларни суғориш учун сув олиш;
молларни ўзганинг ер участкаси орқали ҳайдаб ўтиш;
ўзганинг ер участкасидан қидирув, тадқиқот ва бошқа ишларни бажариш учун вақтинча фойдаланиш;
ўзганинг ер участкасида иҳота дарахтлари экиш ва табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли бошқа объектлар барпо этиш.