ТОШКЕНТ, 12 апр — Sputnik. Мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига эга, лекин олий маълумоти йўқ хотин-қизлар ОТМларга контракт асосида қабул қилиниши мумкин. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Ҳужжат билан мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган хотин-қизларни олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланмоқда ва 1 майдан бошлаб кучга кириши кутилмоқда.
Қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб ўрнатилади:
алоҳида квоталарни давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш тартиби;
мутахассислиги бўйича камида беш йил иш стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларга тавсиянома бериш тартиби;
алоҳида тест синовларини ўтказиш тартиби.
Хотин-қизларга тавсияномани Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бир марта беради ва у 3 йил муддатга амал қилади.
Тавсиянома олиш учун талабгорлар доимий яшаш ёки вақтинча рўйҳатда турган жойидаги туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимларига электрон шаклда ҳар йили 1 майдан 1 июнга қадар мурожаат қилади.
Тавсиянома олган абитуриентлар Давлат тест марказининг махсус дастурига киритилган олий таълим муассасалари кесимида тақсимланган умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовларида иштирок этади. Бунда умумий танлов (шунингдек давлат гранти асосида имтиёзлар) доирасида тўплаган бали бўйича талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар орасида танлов амалга оширилади.
Тегишли тавсияномаси бор хотин-қизлар ҳар йили олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишига кириш учун хужжатларни топшириш муддатларида ўрнатилган тартибда махсус электрон тизим орқали рўйхатдан ўтказилади.
Мазкур тартиб олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 22 апрелга қадар давом этади.