ТОШКЕНТ, 11 апр — Sputnik. Ўзбекистонда Давлат корхоналарига асосий фаолиятига хос бўлмаган объектларни сотиб олиши тақиқланди. Бу президент 8 апрель куни имзолаган 101-сонли фармонда белгилаб қўйилган.
Фармонга кўра, 2022 йил 1 июлдан давлат иштирокидаги корхоналар кузатув кенгаши аъзоларини рағбатлантириш ва ижро органи аъзоларига ҳақ тўлашда ягона рағбатлантириш сиёсати жорий этилади.
Бунда, ижро органи аъзоларига иш ҳақи ва йил бўйича бирйўла тўланадиган мукофотдан ташқари ҳар қандай қўшимча тўлов бекор қилинди.
Давлат иштирокидаги корхоналарга президент ва Ҳукумат қарорларида назарда тутилмаган ҳолларда қуйидагилар тақиқланади:
фаолиятига хос бўлмаган янги объектларни сотиб олиш ёки қуриш;
рақобат ривожланган соҳада фаолиятидан ташқари қўшимча фаолият билан шуғулланиш;
фаолиятига хос бўлмаган хўжалик жамиятлари устав капиталида иштирок этиш ёки ундаги улушни сотиб олиш.
Давлат иштирокидаги корхоналар ва давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўп бўлган банклар томонидан мулкни сотиш, бошқа корхонага инвестиция киритиш келишувлари мажбурий тарзда корхоналар кузатув кенгаши билан келишилади.
Давлат корхоналарининг ҳомийликка сарфланадиган ҳар йилги харажатлари ўтган йилда олинган соф фойданинг 3 фоизидан ошмаслиги керак.