Покистон парламенти бош вазир Имрон Хонга ишончсизлик вотуми билдиришни ёқлаб овоз берди

Мухолифат Имрон Хонни мамлакатдаги иқтисодий аҳволни яхшилай олмасликда ҳамда коррупцияда айблаган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Покистон Миллий мажлиси (парламентнинг қуйи палатаси) 10 апрелга ўтар кеча бош вазир Имрон Хонга ишончсизлик вотуми билдиришни ёқлаб овоз берди, деб хабар қилмоқда Geo TV телеканали.
Маълум қилинишича, ишончлик вотуми билдиришни ёқлаб парламентнинг 324 нафар депутатидан 174 нафари овоз берган. Шу тариқа, Имрон Хон бош вазир лавозимини қўлдан бой берган.
9 апрель куни Миллий мажлис спикери Асад Кайсер “бош вазирни амалдан тушириш мақсадидаги чет эл фитнасида” қатнаша олмаслигини маълум қилиб, истеъфога чиққан эди.
Покистондаги сиёсий инқироз 3 апрель куни бошланган эди. Ўшанда мухолифат 2018 йилда ҳукумат тепасига келган Имрон Хонни мамлакатдаги иқтисодий аҳволни яхшилай олмасликда ҳамда коррупцияда айблаб, унга ишончсизлик вотуми билдиришга уринган эди.
Бош вазир маслаҳати билан Покистон президенти Ориф Алвий ўтган ҳафта Миллий мажлисни тарқатиб юборган эди ва янги сайловлар бўлиб ўтиши керак эди.
Аммо Покистон олий суди Миллий мажлисни тарқатиб юбориш қарорини Конституцияга зид деб топиб, Хонга ишончсизлик вотум учун овоз беришни бекор қилган эди. Суд парламент қуйи палатасининг ишини қайта тиклаш ва овоз беришни 9 апрель куни ўтказишни талаб қилган эди.