ТОШКЕНТ, 10 апр — Sputnik. Ўзбекистон халқ артисти Лутфулла Саъдуллаев 10 апрель куни 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда унинг қизи Муқаддас Саъдуллаева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
Бу хабарни Ўзбекистон Кинематография агентлиги ҳам тасдиқлади.
Актёр бир неча кун аввал шифохонанинг жонлантириш бўлимига оғир аҳволда жойлаштирилган, кейинроқ эса комага тушиб қолган эди.
Лутфулла Саъдуллаев 1940 йил 18 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1965 йил Тошкент театр ва рассомчилик санъат институтини тугатган. 1963 – 2007 йилларда Ёш томошабинлар, Абдулла Қаҳҳор номидаги Сатира театрларида актёр бўлиб фаолият кўрсатган. Сўнгги йилларда Абдулла Қаҳҳор номидаги Сатира театрларида ижод қилиб келаётган эди. Фаолияти давомида 200 га яқин спектаклларда бир-биридан эсда қоларли роллар ижро этади. Кино ва видеофильмлар, телевизион миниатюралар дастурида ижро этган роллари эса 500 дан ортиқдир.
Ижоди давомида “Баҳор қайтмайди”, “Шайтанат”, “Бабаҳогинам”, “Цунами”, “Фотима ва Зуҳра”, “Жазо”, “Осмондаги болалар”, “Аччиқ ҳаёт” каби фильмларда ва кўплаб спектаклларда роллар ижро этган.
“Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган.