ТОШКЕНТ, 9 апр - Sputnik. Россия Марказий банки 18 апрелдан бошлаб хусусий шахсларга нақд валютани сотишга рухсат берди, лекин фақат 9 апрелдан сўнг банк кассаларига кирган валютани, деб хабар қилмоқда РИА Новости.
“Банклар 2022 йил 18 апрелдан 9 сентябргача фуқароларга нақд валюта сотиш ҳуқуқига эга бўлади, фақат 2022 йил 9 апрелдан бошлаб банк кассаларига кирган валютани”, — дейилади регулятор материалларида.
Шунингдек, 2022 йил 9 мартга қадар хорижий валютада очилган ҳисоб рақамлари ёки омонатларига эга бўлган фуқаролар ўз ҳисобварақларидан 11 апрелдан бошлаб нақд валюта ечиб олишлари мумкин бўлади. Ечиб олишнинг умумий лимити – ўн минг доллар ёки уларнинг евродаги эквиваленти – сақланиб қолади. Ушбу лимит 9 сентябргача амал қилади, — дейилган Марказий банк хабарида.
Регулятор фуқаролар ҳали ҳам вақтинчалик чекловлар давомида валюта ҳисобварақларидан лимитдан ошиб кетган маблағларни рублда ечиб олишлари мумкинлинини эслатиб қўйган.
Конвертация, агар керак бўлса, банкнинг курси бўйича амалга оширилади, аммо чиқарилган сумма Россия Банкининг чиқарилган кундаги расмий курсидан фойдаланган ҳолда ҳисобланган суммадан кам бўлиши мумкин эмас.
Маълумот учун, Москва валюта биржасида бугунги савдоларда рублнинг долларга нисбатан курси куздан бери кузатилган минимал даражага тушган 1 доллар – 71 рублга, 1 евро – 77,08 рубл.
Эслатиб ўтамиз, Ғарб санкциялари оқибатида валюта курслари кескин ўзгариши бошлаган вақтида, Россия Марказий банки 2022 йилнинг 8 мартидан 9 сентябрига қадар фуқароларнинг ҳисоб рақамларидан валюта ечиб олишга 10 минг доллар миқдорида чеклов киритган эди. Ундан ташқари Россия банки валюта айирбошлаш операцияларига ҳам дастлаб 30%, кейинроқ 12% комиссия киритган эди. Ушбу чеклов валюта бозорида олиб-сотарлик операцияларининг олдини олишга қаратилган.