ТОШКЕНТ, 8 апрель — Sputnik. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан билим бериш даражаси юқори бўлмаган муассасалари рўйхати тузилди, дейди инспекция матбуот котиби Шавкат Хўжақулов, Sputnik мухбирига берган хабарида.
Ушбу рўйхатга республика бўйича 852 та мактаб келтирилган бўлиб, рўйхатни тузишда мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида тўплаган ўртача баллари, салоҳияти паст бўлган педагоглар инобатга олинган, - дейилган хабарда.
Таълим даражаси паст бўлган мактабларга малакали педагогларни жалб этиш орқали таълим сифатини ошириш чоралари кўрилади.
Маълумот учун, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз (бир маъмурий бирлик доирасида 50 фоиз) махсус устамалар тўлаб берилади. Жорий ўқув йилида ана шундай мактабларга 500 нафарга яқин педагог жалб этилган.